Ўзбекистонда интернетда фаолият юритаётган сохта «психолог»лар қонун билан тартибга солинади
Ўзбекистонда фуқароларга психологик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шахноза Холмахаматова маълум қилди.

Аниқлик киритилишича, ҳужжат психологик ёрдам кўрсатишни тартибга солишга қаратилган. Бундан ташқари, у интернетда сохта «психолог»ларга қарши курашишга қаратилган.
«Жойларда ўтказилаётган учрашув ва мулоқотларда 2 ёки 3 ойлик шубҳали курсларни тамомлаган шахслар ўзларини «психолог» деб таништириб, одамларнинг қимматли вақти ва маблағини «ўғирлаётганлиги», бу масалани қонун билан тартибга солиш заруратига оид масала тез-тез кўтарилиб турганди. Кўп миллионли аудиторияни ўзида жамлаётган ижтимоий тармоқларни ҳам кузатдик: ҳақиқатдан ҳам, 5-6 та рисолани варақлаб чиқиб, одамларнинг ишончига кириб, уларнинг руҳий, маънавий дунёсига дахл қилаётган «психолог»лар кўпайганини кўриб турибмиз», — деб ёзади Xолмаматова ўзининг Telegram каналида.





