Бухорода коронавирусга чалинган маҳкумларни даволаш учун вақтинчалик касалхона ташкил этилди

Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма кўрсатмаси асосида Бухоро вилоятида мавжуд жазони ижро этиш колониялари ва тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳбуслар орасидан коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун 75 ўринли вақтинчалик махсус касалхона ташкил этилган. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, касалхона Бухоро вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси маъмурий қамоққа олинган шахcларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонада ташкил қилинган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев 12 август куни мазкур вақтинчалик махсус касалхонани ўрганди. Муассасада санитария-эпидемиология ва карантин қоидаларига риоя қилинганлиги, ходимлар ва беморларга яратилган шарт-шароитлар, озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий жиҳоз ва ускуналарининг захираси, мавжуд алоқа, ва видеокузатув мосламаларининг созлигини кўздан кечирди.

Жараёнда бошқарма бошлиғи Ш.Х.Алиев томонидан хизматга жалб этилган тиббиёт ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамда масъул раҳбарларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Аввалроқ Бухорода коронавирус беморларини қабул қилиш ва «Тақсимлаш маркази» ташкил этилди.

Шунингдек, «Узэкспомарказ» кўргазма мажмуасида коронавирус беморларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дистрибюторлик марказ фаолият кўрсатиши, марказга бир ҳафта ичида қанча бемор олиб келингани маълум қилинган эди.

Янгиликлар