Бухорода портлаган уй ноқонуний қурилиш бўлгани аниқланди
«White group trading» МЧЖ (раҳбари Жамшид Кароматов) томонидан мазкур кўп қаватли бинонинг қурилиш ишлари ўзбошимчалик билан бошланган бўлиб, бу ҳақида Қурилиш бош бошқармаси ва ҳудудий инспекция томонидан (2019 йил 16 январдаги №48 ва 49 сонли хатлар билан Бухоро шаҳар ҳокимлиги ва прокуратурасига) маҳаллий ҳокимият ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари қонуний чора кўриш учун хабардор қилинган. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.
Таъкидланишича, лойиҳа вилоят шаҳарсозлик кенгашида тасдиқланмаган ва ижобий экспертиза хулосаси олинмаган. Шунингдек, Бухоро вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Шаҳарсозлик ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштирмасдан қурилиш ишларини олиб бораётганлиги учун инспекция ходимлари томонидан «White group trading» МЧЖ раҳбарига огоҳлантириш берилган.
Бундан ташқари, тасдиқланган концепция лойиҳасини бузиб, ўзбошимчалик билан қаватлар сонини оширганлиги сабабли ноқонуний қурилаётган қурилмани бартараф қилиш учун Бухоро туманлараро иқтисодий судига даъво аризалари киритилган. Бунда даъвогар сифатида инспекциянинг бош мутахассиси ва Бухоро шаҳар қурилиш бўлими мутахассислари иштирок этган. Суд томонидан эса 2020 йил 23 октябрда 4-2001-2003/928 сонли ишнинг ноқонуний қурилмани бартараф қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Шу билан бирга, ҳудудларда рухсатнома ва шаҳарсозлик ҳужжатларисиз қурилаётган объектларда буюртмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик ва пудратчининг ички назорат тизими тўғри йўлга қўйилмагани қайд этилмоқда.
Аввалроқ, Бухородаги портлаш бўйича жиноят иши кўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.