Ҳиндистоннинг Интеграл университети Бухоро ОТМлари билан ҳамкорлик қилади
Ҳиндистоннинг Уттер-Прадеш штати пойтахти Лакнов шаҳрида жойлашган Интеграл университети ҳамда Бухоро шаҳридаги олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган онлайн учрашувда ўзаро ҳамкорликка келишиб олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Маълум қилинишича, вилоят Инвестиция ва ташқи савдо бошқармасида Ҳиндистоннинг Интеграл университети вакиллари билан онлайн ташкил этилган учрашувда вилоят ҳокимининг Инвестициялар ва ташқи савдо ҳамда Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Мазкур мулоқотда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Ахатов, Ҳиндистон томонидан Интеграл университети халқаро алоқалар бўйича масъуллари Саид Надим Ахтар ва Ниланжан Мухерджи, шунингдек, Бухоро давлат университети, Тиббиёт институти ҳамда Муҳандислик-технология институти мутасаддилари ўзаро икки давлат олий таълим даргоҳлари ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга доир фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шу ўринда, Интеграл университети халқ хўжалигининг турли соҳаларида мутахассислар тайёрлайди. Тиббиёт, информацион технологиялар, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, архитектура ва қурилиш каби соҳаларида етакчи бўлиб, 14 та факультет ва 50 та кафедрасига эга, 15 дан ортиқ давлатдан 12 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади.
Аввалроқ Бухорода Ҳиндистоннинг Манипал университети филиали очилиши, Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқишни хоҳлаган Ҳиндистон фуқароси Деҳли судига мурожаат қилгани ҳақида хабар қилинганди.