Ўзбекистон мактабларидаги инспектор-психологлар штати ИИВдан Миллий гвардияга ўтказилади

Ўзбекистонда мактабларидаги инспектор-психологлар штати ИИВдан Миллий гвардия тизимига ўтказилади. Бу ҳақда 5 февраль куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда мактабларда оғриқли масалалардан бири, бу тарбия ва маънавият экани қайд этилди. Ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этган. Шундан 2 минг 280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади.

“Сўров мактаб директоридан бўляпти, лекин Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга масъул ҳокимлар ҳар ҳафта битта мактабга бориб, ўқувчиларнинг шароити ва тарбияси билан шуғулланмаяпти”, — деган давлат раҳбари.

Шу муносабат билан мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши белгиланди.

Ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет” яратиш бўйича тизим қилиш зарурлиги таъкидланди.

Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва касбга йўналтириш, тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан бирга ишлаб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чораларни кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Янгиликлар