«Наманганга ўттиз йиллик тарихда бунча маблағ келмаган» — Шавкат Мирзиёев
Наманганга маҳаллабай тизимда тадбиркорликни ривожлантириш учун 850 миллиард сўм кредит ажратишга кўрсатма берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Наманганга тадбиркорликни ривожлантириш учун 850 миллиард сўм кредитлар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан вилоятга 60 миллион доллар ажратилиши маълум қилинган.
Бунинг ҳисобидан Наманган шаҳри иссиқлик тизимини қайта қуришга 15 миллион доллар, эски шаҳар инфратузилмасини яхшилаш ва каналлар қирғоқларини ободонлаштиришга 10 миллион доллар, маҳаллалардаги драйвер лойиҳаларни молиялаштиришга 10 миллион доллар, лимончиликни ривожлантиришга эса 10 миллион доллар йўналтирилади.
Шунингдек, кичик ва ёшлар саноат зоналарига, ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга, кредитлар фоизининг бир қисмини қоплашга 5 миллион доллардан берилади.
«Наманганга ўттиз йиллик тарихда бунча маблағ келмаган. Агар шуни тўғри, самарали йўналтириб ишлатсак, вилоятнинг иқтисодиёти жадал ривожланади, ҳамма туманларга саноат кириб боради, одамлар ишли бўлади», — деган Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, Наманган вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 23 триллион 700 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши қайд этилган. Ушбу 1 минг 728 та лойиҳа орқали 66 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган.