Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун Россияга 3 та автобус жўнатилди

Россиядан 150 нафар ўзбекистонлик фуқарони олиб келиш учун Россияга 3 та автобус жўнатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Россиядан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлганларни олиб келиш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Uzautotrans servicе» корхонаси томонидан 2020 йилнинг 22 октябрь куни Екатеринбург шаҳрига 3 та автобус жўнаб кетди.

Қайд этилишича, автобуслар 23 октябрь куни кечга манзилга етиб боради. Ташкил этилган махсус автобус қатнови орқали Екатеринбург, Челябинск, Тюмень шаҳарларидан жами 150 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинади.

Ушбу махсус автобус қатновлари барча санитария қоидалари ва Қозоғистон ҳамда Россия томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилиши режалаштирилган.

Аввалроқ Россиядан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилгани ва Андижонлик 4,5 минг нафар фуқаро Россияга қонуний ишлаш учун юборилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар