Ўзбекистон ва Италия темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорлик қилади

Бугун, 2024 йил 3 май куни давом этаётган III Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Италиянинг «Arsenale group» компанияси ўртасида умумий лойиҳалар бўйича яқин алоқаларни янада мустаҳкамлашни назарда тутувчи шартнома имзоланди, хусусан, «The Samarkand express» сайёҳлик поездларини йўлга қўйиш лойиҳасида.

Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Хикматулла Рахметов ва Италиянинг «Arsenale group» компанияси бош директори Паоло Барлетте бошчилигида бўлиб ўтди. Имзоланган ҳужжат икки компания ўртасида 2026 йил охиридан Ўзбекистонда қатновни бошлайдиган ҳашаматли поезд яратиш бўйича якуний келишувни тузишга асос бўлади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур поездлар қурилиши «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли корхоналарда амалга оширилади. Ҳашаматли поезд 13-15 та вагондан иборат бўлиб, 76 та меҳмонга мўлжалланган 38 та купе (люкс, делюкс ва суперделюкс) бўлади. Тошкент – Хива йўналиши бўйича саёҳатнинг тахминий давомийлиги Самарқанд ва Бухорода тўхташ билан 2 кечаю 3 кунни ташкил этади. Йилига тахминан 70 дан 90 гача рейсларни амалга ошириш режалаштирилган. Поезд юқори экологик барқарорлик стандартларига жавоб беради. Темир йўл круизлари саёҳатнинг экологик тоза ва барқарор усули ҳисобланади ва «The Samarkand express» ҳам бундан мустасно эмас. «The Samarkand express» Марказий Осиёдаги биринчи глобал лойиҳадир.

Бугунги имзолашда томонлар самарали ҳамкорлик учун ўзаро миннатдорлик билдирди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти номидан орамизда шундай ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатилаётганидан чуқур мамнунман, – дейди Хикматулла Рахметов. – Умумий ҳужжатларнинг имзоланиши Ўзбекистонда ноёб сайёҳлик поездини яратишга қаратилган ҳамкорлигимиз ривожида янги босқич бўлди. Умумий ҳужжатларнинг имзоланиши Ўзбекистонда ноёб сайёҳлик поездини яратишга қаратилган ҳамкорлигимиз ривожида янги босқич бўлди. Биз «Arsenale group» билан ҳамкорлигимиз ўзаро манфаатли бўлишига тўлиқ ишонамиз. У Ўзбекистонга замонавий технологик ечимларни олиб келади ва сайёҳларимиз учун ажойиб маҳсулот яратиш имконини беради. Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси билан дунёни таништирувчи, жаҳон туризм саноатида ўчмас из қолдирадиган ушбу қизиқарли лойиҳани биргаликда амалга оширишни интиқлик билан кутамиз.

– Бугунги имзоланган келишув бозорда ўхшаши йўқ ҳашаматли туризмни халқаролаштириш режамизни янада мустаҳкамлайди», — дейди Паоло Барлетта. – «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига Осиёдаги биринчи ҳашаматли поездимиз «The Samarkand express» лойиҳаси бўйича ҳамкорлик қилгани учун миннатдорчилик билдираман. Бу мамлакатларимиз ўртасида маданий алмашинувни ривожлантириш, шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш орқали меҳмонхона хизматларини модернизация қилиш ва сифатини ошириш билан бирга ҳашаматли туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 17-октабр куни Самарқанд шаҳрида 2023 йил 16-20-октабр кунлари бўлиб ўтган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Италиянинг «Arsenale group» компанияси ўртасида Ўзбекистонда сайёҳлик поездини йўлга қўйиш бўйича Меморандум имзоланган эди.

«The Samarkand express» Ўзбекистон сайёҳлик индустриясининг тамал тошига айланиши кутилмоқда ва саёҳатчиларга мамлакатнинг бой тарихи, маданияти ва гўзал табиатига шўнғишнинг ўзига хос ва унутилмас усулини таклиф этади. Унинг муваффақияти Ўзбекистоннинг туризм соҳасига қўшимча сармоя киритиш, унинг иқтисодий ўсиши ва жаҳон туризм харитасида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун замин яратади.

Янгиликлар