Пастдарғомда ишга туширилган 1000 ўринли карантин марказига 10 кун ичида қанча фуқаро олиб келингани маълум бўлди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ишга туширилган 1000 ўринли карантин марказига 10 кун давомида Россиядан келган 5 та чартер рейсда 936 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинди. Бу ҳақида вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов иштирокида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланишича, олиб келинган фуқароларнинг 395 нафари Россияда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшларни ташкил этади. Шунингдек, фуқароларнинг 119 нафари Самарқанд шаҳридаги 2 та меҳмонхонада жойлашган.
Ундан ташқари, Россияда таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ватанга қайтиш истагини билдирганини инобатга олиб, уларни 16 август кунига қадар Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Новосибирск, Екатеринбург шаҳарларидан чартер рейсларда олиб келиш режалаштирилмоқда.
Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан карантинга олинган фуқаролардан келган кунининг ўзида коронавирус учун тест олинади. Aгар уларда инфекция аниқланса, шу ернинг ўзида даволанади. 10 кунлик карантин муддати тугагач, анализ олиниб, натижаларга қараб, уларга жавоб берилади.
Маълумот учун, 25—26 июль кунлари Россиянинг Владивосток ва Санкт-Петербург шаҳарларидан келган фуқаролар 4—5 август кунлари поезд ва автобусларда ўз уйига кузатилди.
Aввалроқ Бухорода коронавирус беморларини қабул қилиш ва тақсимлаш маркази ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, Тошкентда ДХХ, ИИВ ва Мудофаа вазирлиги 2-3 кун ичида қўшимча даволаш марказлари фаолиятини йўлга қўйиши маълум қилинганди. Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволашга ҳарбий шифокорлар ҳам жалб қилиниши ҳақда хабар берилган.