Сенат ялпи мажлисида Муса Ерниязов хотираси ёдга олинди

Олий Мажлиси Сенатининг видеоконференцалоқа тарзида олтинчи ялпи мажлиси 7 август, жума куни ўз ишини бошлади.

Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева олиб бораётган мажлисда марказий ва ҳудудий студиялардан жами 76 нафар Сенат аъзоси иштирок этди.

Бундан ташқари, марказий ва Вазирлар Маҳкамасидаги студиядан ҳукумат аъзолари, айрим идоралар раҳбарлари, ҳудудий студиялардан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси қўмиталари, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ҳам қатнашди.

Дастлаб Сенат раиси Танзила Норбоева ўзбек ва қорақалпоқ элининг фарзанди, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, сенатор Муса Тажетдинович Ерниязовни хотирлади.

У кишининг вафоти, айниқса, Сенат учун катта йўқотиш бўлди. Боиси, Муса Тажетдинович мамлакатимизда икки палатали парламент ташкил этилгандан бери Сенат раисининг ўринбосари сифатида самарали фаолият юритиб келаётган эди.

Шу билан бирга, у кишининг саъй-ҳаракатлари билан ўтган давр мобайнида Қорақалпоғистон шаҳар ва туманлари, овуллари қиёфаси янгиланди. Айниқса, тараққиётимизнинг янги даврида Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларни Қорақалпоғистонда беками-кўст амалга ошириш борасида ҳам куч-ғайратини аямади. Биргина Мўйноқдаги бунёдкорлик ишларининг ўзиёқ фикримизга далил бўла олади. Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, минтақа аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш борасида ҳам куйинчаклик билан ишлади.

Шахсан мен қатор жамоатчилик тузилмаларидаги ҳамда ҳукумат таркибидаги кўп йиллик фаолиятим даврида, қолаверса, Сенатдаги фаолиятим давомида Муса Тажетдиновичнинг салоҳиятли ва улкан тажрибага эга раҳбар, мулоҳазали, вазмин, жонкуяр, ғамхўр инсон сифатидаги фазилатларига кўп бора гувоҳ бўлганман.

Ўйлайманки, сиз, ҳурматли сенаторлар ва мажлисимиз иштирокчилари ҳам, қолаверса, Муса оға билан ишлаган ва яқин маслакдош бўлган барча инсонлар у кишининг ана шу фазилатларини яхши эслайди.

Муса Ерниязовнинг оила аъзолари ва яқинларига, Жўқорғи Кенгес депутатлари ва қорақалпоғистонлик сенаторларга, қолаверса, бутун ўзбек, қорақалпоқ элига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Муса Тажетдинович Ерниязовнинг ёрқин хотираси Сенат тарихида мангу қолади.

Танзила Норбоева, Сенат раиси

Шунингдек, ялпи мажлиснинг расмий қисмига ўтишдан олдин Муса Ерниязовнинг ва шу касалликдан вафот этган бошқа юртдошлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязовнинг таъзия маросимида қатнашгани ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар