Тошкентдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида карантинга олиниб, коронавирус аниқланган сурхондарёлик эркак ўзини меҳмонхонанинг тўртинчи қаватидан ташлаб, вафот этди

Тошкент шаҳридаги карантин ҳудудига айлантирилган «Саёҳат» меҳмонхонасида ўзида коронавирус аниқланган сурхондарёлик эркак тўртинчи қаватдан сакраб, вафот этди. Бу ҳақида «Tez News» манбалари хабар берди.

Маълум қилинишича, асли сурхондарёлик бўлган ушбу шахс Россиядан Ўзбекистонга қайтгач, карантин муддатини ўташ учун Тошкент шаҳридаги «Саёҳат» меҳмонхонасига жойлашган. Коронавирусга тест топширилганда унинг натижалари мусбат эканлиги маълум бўлган.

Шундан сўнг эркак ўзини меҳмонхона биносининг тўртинчи қаватидан ташлаб юборган. Сурхондарёлик фуқаро воқеа жойида вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга ўз хоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даври ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланган эди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда «Ўртасарой» карантин мажмуасида сақланаётганлар 17 кундан бери ушлаб турилгани, белгиланган муддат якунига етган бўлса-да, рухсат берилмагани ва озиқ-овқатсиз қолишаётгани айтилган видео тарқалганди. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров ушбу вазият бўйича раддия бергани хабар қилинди.

Янгиликлар