Ўзбекистон электр энергияси ва ўғитни чиқиндилардан қайта ишламоқчи
Ўзбекистонда электр энергияси ва органик ўғитларни чиқинди ёқиш орқали ишлаб чиқаришмоқчи, хабар берди давлат матбуот хизмати.
Аниқлик киритилишича, мамлакатда йилига ўртача 6.8 млн тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Сўнгги йилларда санитар тозалаш хизмати билан қамраб олинган маҳаллалар сони 90% ошди. Бироқ чиқиндиларни қайта ишлаш кўрсаткичи юқори эмас. Ҳозирда бундай корхоналар сони атиги 313 та.
2024-йилнинг 1-июнидан маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёни қайта ишлаш фақат биржа орқали амалга оширилади. Чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкиллаштирилади. Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида хусусий шериклик ривожлантирилади.
Чиқинди полигонларига инвестиция жалб этиш мақсадида уларнинг буфер ҳудудларига махсус иқтисодий зоналар режимини жорий этиш, чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ҳамда органик ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича янги тизим жорий этилади. Ушбу янги тизим бўйича биринчи синов лойиҳаси Андижон вилоятида амалга оширилади.
Шундай қилиб, Андижон туманида $13 млн инвестиция эвазига органик чиқиндидан 100 минг тонна ўғит, Асакада чиқиндидан йилига 2 млн кВт/соат электр ишлаб чиқариш лойиҳалари жорий этилиши кўзда тутилган. Келгусида Андижон тажрибаси юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этилади.