Бир йилда тез ёрдамга 3,5 мингта ёлғон чақириқ келиб тушган — ССВ
Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров 2023 йилда «103» хизматига жами 3505 та ёлғон чақириқ келиб тушганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур кўрсаткични 2022 йил билан таққосланса, асоссиз мурожаатлар сони сезиларли даражада камайганини кўриш мумкин. Аммо шунга қарамай, айрим ҳудудларда ёлғон мурожаатлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда.
2023 йилнинг ўтган 12 ойи давомида энг кўп бундай чақириқ қуйидаги ҳудудлардан келиб тушган:
- Тошкент вилоятида — 630 та;
- Фарғона вилоятида — 518 та;
- Қашқадарё вилоятида — 502 та.
Энг кам ёлғон чақириқ эса Самарқанд вилоятида (19 та) рўйхатга олинган.
«Ёлғон чақириқлар сабабли аксарият ҳолларда тиббиёт бригадалари чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бора олмайди. Оқибатда шифокорлар ҳақиқий ёрдамга муҳтож беморлар қолиб, ёлғон қўнғироқ эгаси ва унинг манзилини аниқлаштириш билан овора бўлади. Бу эса оғир беморлар ҳаётини хавф остига қўйиши аниқ», — деди Абдувоитжон Гафуров.