Хакерлар «Microsoft»нинг бир қатор дастурий кодларини қўлга киритди
АҚШ ҳукумати ва корпоратив тармоқларига қилинган катта киберҳужум ортидаги хакерлар «Microsoft»нинг дастурий кодлари ва ички тизимларига кириш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда IT-гигант матбуот хизматига асосланиб, «The Wall Street Journal» хабар берди.
Таъкидланишича, компания ўзининг дастурий таъминотини «SolarWinds»дан юклаб олганлигини тасдиқлаган. Ушбу дастурда эса зарарли кодлар мавжуд бўлган. Шу орқали кибержиноятчилар «Microsoft»нинг ички тармоқларига кириш ҳуқуқига эга бўлган.
«Биз баъзи бир ички ҳисобларда ғайритабиий фаолиятни аниқладик ва текширгандан сўнг битта ҳисоб қайдномаси ёрдамида бир нечта манба кодини кўриш учун фойдаланилганига амин бўлдик», — дейди корпорация.
Маълум қлинишича, «Microsoft» ҳисоб қайдномасидан фойдаланган жиноятчилар манба кодини ишлатиши мумкин, аммо уни ўзгартира олмайди. Шу билан бирга, компания айнан қайси маҳсулотларга хакерлик ҳужуми таъсир қилганини аниқлай олмаган.
«Биз ишлаб чиқариш хизматларига ёки мижозлар маълумотларига ноқонуний кириш ҳолатларини топганимизча йўқ ва бизнинг тизимларимиз бошқаларга ҳужум қилиш учун ишлатилганлиги тўғрисида ҳеч қандай далил топмадик», — дейди компания ахборот хизмати.