Қашқадарёда ака-укалар 4 нафар эркакни калтаклади
Қашқадарё вилояти Косон туманида 22 ноябрь куни ака-укалар жанжал сабаб 4 нафар эркакни калтаклади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 22 ноябрь куни соат 16:00 ларда Пахтазор маҳалласида содир бўлган. Маълум қилинишича, ака-ука Р.Р. ва Р.Ҳ. туманнинг Aрабхона маҳалласида яшовчи М.Ж. ва унинг қайнатаси, 2 нафар қайнукаси билан жанжаллашиб қолган. Aка-ука жанжал сабаб уларга турли даражадаги тан жароҳати етказган.
Оқибатда жабрланувчилар шифохонага ётқизилган. Мазкур ҳолат туман ИИБ навбатчилик қисмида 22 ноябрь куни қайд этилган ва ҳодиса жойи тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, терговолди текшириш ҳаракатлари олиб борилган. Тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотномада фуқаро М.Ж.нинг қайнатаси М.М. оғир калла мия шикастланиши ва бошқа кўринишдаги тан жароҳати олгани келтирилган.
Мавзуга доир: Видео: Сирдарёда уч нафар йигит танишини «самосуд» қилди
Фуқаро М.М.нинг оғир тан жарохати олгани юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши бўйича жабрланувчиларнинг олган тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш борасида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланди.
Аввалроқ Наманганда 23 ёшли қиз икки эркакни калтаклагани ва Тошкентда бир аёлни «самосуд» қилган уч нафар аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилинган эди.