Видео: Сирдарёда уч нафар йигит танишини «самосуд» қилди

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида уч нафар йигит келишмовчиликлар сабаб танишини «самосуд» қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га маълум қилди.


Қайд этилишича, 10 ноябрь, сешанба куни ижтимоий тармоқларда бир йигит 3 киши томонидан калтакланаётгани акс этган видео тарқалган. Аниқланишича, 10 ноябрь куни соат 13:00 атрофида Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри «Шодлик» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Grill bar» кафеси яқинида ушбу кафеда официант бўлиб ишлайдиган 1997 йилда туғилган фуқаро Ҳ.Ж. танишлари 1995 йилда туғилган Т.С., 1994 йилда туғилган М.Ш. ҳамда 2001 йилда туғилган Р.Б. томонидан калтакланган. Жабрланувчининг танишлари олдиндан бор бўлган келишмовчиликлар сабаб Ҳ.Ж.ни уриб, тепиб, ёғоч жисм билан безорилик ҳаракатларининг олдини олишга уринган бошқа фуқароларга қаршилик қилган ҳолда тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан кетган.

Скрин: Видео

Оқибатда фуқаро Ҳ.Ж. ўнг қўл кичик бармоғи ёпиқ синиши, иккита тишининг синиб тушиши, танасининг кўплаб қизарган жойлари ва сидирилган жароҳатлари билан Сирдарё вилояти шошилинч тез тиббий ёрдам марказига мурожаат қилган.

Таъкидланишича, ушбу ҳолат Янгиер шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Наманганда 23 ёшли қиз икки эркакни калтаклагани ва Тошкентда бир аёлни «самосуд» қилган уч нафар аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Навоийда раҳбарининг марҳум онасини сўккан маст ишчи трактор тиркамасига боғланиб, «самосуд» қилингани ҳамда Олтиариқда 2 нафар қиз танишининг синглисини ранжитган қизни дўппослагани маълум қилинганди.

Янгиликлар