2022 йилда Ўзбекистонга кўчиб келганлар кўпайгани, кўчиб кетганлар камайгани маълум бўлди

Ўзбекистонга кўчиб келганларнинг аксарияти Россия ва Қозоғистондан. Кўчиб кетганларнинг аксарияти ҳам шу мамлакатларга йўл олган.

2022 йилда Ўзбекистонга хориждан кўчиб келганлар сони 2,3 минг нафарни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан (1,9 минг) кўпайгани маълум бўлди. Ўтган йиллар кесимида кузатилса, 2018 йилда 2,9 минг, 2019 йилда 2,5 минг, 2020 йилда 1,1 минг киши кўчиб келган.

2022 йилда хориждан кўчиб келганларнинг 1,1 минг нафарини эркаклар, 1,2 минг нафарини аёллар ташкил қилган.

Ўзбекистонга кўчиб келганларнинг асосий қисми Россиядан (жами кўчиб келганларнинг 35 фоизи) ва Қозоғистондан (32,8 фоиз) экани қайд этилган. Шунингдек, Тожикистон (6,7 фоиз), Қирғизистон (4,8 фоиз), Туркманистон (1,6 фоиз) ва бошқа мамлакатлар (19,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

2022 йилда хорижга кўчиб кетганлар сони 8,8 минг нафарни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан (20,1 минг) кескин камайган. Ўтган йиллар кесимида кузатилса, 2018 йилда 17,6 минг, 2019 йилда 13,2 минг, 2020 йилда 13,6 минг киши Ўзбекистондан кўчиб кетган эди.

Хорижга кўчиб кетганларнинг 4,1 минг нафари эркаклар, 4,7 минг нафари аёллар.

Ўзбекистондан кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистонга (79,5 фоиз) ва Россияга (16,4 фоиз) йўл олган. Шунингдек, Қирғизистон (0,7 фоиз), Тожикистон (0,5 фоиз), Туркманистон (0,3 фоиз) ва бошқа мамлакатлар (2,6 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

Янгиликлар