Наманганда қўшнисининг уйини ўмарган шахс қўлга олинди

Наманган вилояти Чуст туманида қўшнисининг уйидан 2 миллион 100 минг сўм пули бор пластик карта ва 250 минг сўм пулни ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди.

Маълум қилинишича, Чуст тумани “Қоракапа” маҳалласида яшовчи фуқаро туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Аризада 4 июль куни соат 10:00 дан 11:00 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унинг ҳовлисига кириб, қайнанасига тегишли бўлган сумканинг ичидан ҳисобида 2 100 000 сўм маблағи бўлган пластик карта ҳамда 250 000 сўм пулларни ўғирлаб кетганини баён қилиб, чора кўришни сўраган.

Туман ИИБ вакили ва Миллий Гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси тезкор навбатчиси томонидан ҳамкорликда олиб борилган қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни аризачининг бир девор қўшниси бўлган, 1986 йилда туғилган аёл содир этганлиги аниқланган ва холислар иштирокида ундан далилий ашёлар олинган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули талон-торож қилингани хабар қилинган эди.