Чирчиқда ИИБ ходимига қаршилик кўрсатиб, тан жароҳати етказган маст эркакка жиноят иши қўзғатилди

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 30 октябрь, жума куни соат 23:00 да ИИБ ходимига қаршилик кўрсатиб, тирсак қўйган маст фуқарога жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, 30 октябрь куни соат 23:00 да Чирчиқ шаҳри, Aлишер Навоий кўчасида Миллий гвардия ҳамда ИИБ ходимлари тунги хизмат вақтида маст ҳолатда, карантин қоидаларини бузиб, тиббий ниқобсиз турган фуқаро Н.С.га дуч келган. Таъкидланишича, ходимлар қонунбузар фуқарога карантин талабларини эслатиб танбеҳ берганида, Н.С. қаршилик кўрсатган ҳолда ўнг тирсаги билан ИИБ ходими С.A.нинг юз қисмига бир марта уриб тан жароҳати етказган ҳамда хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилган.

Маълум қилинишича, шаҳар прокуратураси томонидан 31 октябрь куни фуқаро Н.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Қўқонда ИИБ ходимини автомашинасида «сайр қилдирган» шахс 1,5 йилга қамалгани ҳамда 2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар