Навалний 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Январь ойи охирида Германиядан Россияга қайтиб келганида ҳибсга олинган оппозиционист ва сиёсатчи Алексей Навалний Ив Рохер иши бўйича 3,5 йилга умумий режим колониясида озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Хабарга кўра, Москва шаҳар суди яқинида Навалнийнинг тарафдорлари тўпланди, полиция суд биноси атрофидаги бир нечта кўчани тўсиб қўйди. «ОВД-Инфо»нинг маълумот беришича, маҳаллий вақт билан соат 19:50да 350дан ортиқ киши қўлга олинган.

Таъкидланишича, Навалнийга нисбатан шартли равишда озодликдан маҳрум қилишни ҳақиқий жазога алмаштириш бўйича тақдимномани Москва шаҳар жазони ижро этиш муассасалари федерал хизматининг 15-жиноят-ижро инспекцияси филиали бошлиғи Александр Ермоленко киритди. Унинг билдиришича, Навалний 2020 йил давомида «узрли сабабларсиз» камида етти марта белгиланган кунларда қайддан ўтиш учун келмаган, яъни назоратдан қочган.

Эслатиб ўтамиз, уй қамоғида бўлган вақтни ҳисобга олмаганда (10 ой), Навалний 2 йил 8 ойни колонияда ўтказади.

Янгиликлар