Фарғонада давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузиш билан боғлиқ икки ярим мингдан ошиқ ҳолатлар аниқланди

Фарғона вилоятида давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузиш билан боғлиқ энг кўп ҳолатлар коммунал ташкилотлар хиссасига тўғри келади. Бу ҳақда Tez News’га давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, айни пайтда давлат хизматлари агентлиги билан 50 дан ортиқ ташкилот ва идоралар интеграция қилинган.

«Бу бир пайтнинг ўзида давлат хизматлари марказлари фуқароларнинг мурожаатларига асосан, аҳолини овора қилмай шунча ташкилотлар билан электрон факт хужжатлари алмашишади, дегани. Давлат хизматларини шаффоф тарзда кўрсатиш учун эса интеграция қилинган давлат идоралари бир машина мурватларидек ўз маромида ишлаши талаб этилади. Акс ҳолда фуқаро сарсон бўлиши аниқ», – дейилади хабарда.

Аммо, хабарга кўра, жорий йилнинг 1-чорагида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 2 минг 656 та қонун бузилиши аниқланган. Бу бир чорак давомида ҳар куни ўртача 30 тадан қонунлар бузилганлигига тўғри келади.

Қайд этилишича, давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузиш билан боғлиқ энг кўп ҳолатлар 1 847 та билан коммунал ташкилотлар хиссасига тўғри келган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш муассаларида чорак давомида 370 та муддат бузилиши, Кадастр органларида эса 280 та қонундан четга чиқиш ҳолатлари аниқланган.