Раҳматуллоҳ қори Тошкент бош имом-хатиблигидан кетди

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов лавозимидан озод этилди.

Қайд этилишича, ўз аризасига биноан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасидан озод этилган. «Абу Сахий» жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.

Маълумот учун, Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов 1975 йил 18 майда Сурхондарё вилояти Музработ туманида туғилган. 1992-1995 йилларда ўрта мактабни тугатгач, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олди. 1995-1997 йилларда талабалик даврида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «Оқ туникали» жоме масжидида имом-хатиблик қилган.

2001-2003 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида дарс берган. 2003 йилда Эронда ўтказилган XIX Халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этган.

Қайд этилишича, у фаолияти давомида Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор», «Минор» жоме масжидларида имом-хатиб, янги тайинланишгача эса Юнусобод тумани бош имом-хатиби ва Юнусобод тумани «Мирза Юсуф» масжиди имом-хатиби лавозимларида ишлаган.

Янгиликлар