Россиядан чартер рейс орқали олиб келинган 501 нафар ўзбекистонлик Самарқанддаги карантин марказига жойлаштирилди
Самарқанд аэропортида 3 август, душанба куни Россиянинг Қозон ва Екатеренбург шаҳарларидан учиб келган 501 нафар фуқаро кутиб олинди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» ахборот хизмати хабар берди.
Қозон ва Екатеренбург шаҳарларидан амалга оширилган 3 та чартер рейс орқали олиб келинган Ўзбекистон фуқаролари Самарқанд халқаро аэропортидан манзилга хавфсиз келтирилган. Барча йўловчилар Махсус комиссия белгилаган тартиб-қоидаларга асосан Самарқанд шаҳридаги карантин маркази (Кимёгарлар шаҳарчаси) ҳудудига олиб кетилган.
Йўловчиларга хизмат кўрсатишда пандемия тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чоралар қўлланилди, дейилади хабарда.
Аввалроқ Украинадаги Ўзбекистон фуқаролари учун 5–6 август кунлари чартер қатнови амалга оширилиши ва Нью-Йоркдан 31 июль куни яна 256 нафар фуқаро ватанга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди.