Ўзбекистонга 2022 йилнинг олти ойида хориждан қанча маблағ жўнатилгани маълум қилинди

Ўзбекистонга 2022 йилнинг дастлабки олти ойида чет эл давлатларидан қанча пул юборилгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг биринчи ярмида хориж давлатларидан Ўзбекистонга 6,63 миллиард доллар пул келиб тушган. Бу миқдор 2021 йилнинг мос даврига нисбатан икки баробар кўп ҳисобланади.

Марказий банкнинг тўлов баланси маълумотларига кўра, тушумнинг асосий қисми МДҲ давлатларидан жўнатилган валюталар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда Россиядан 5,31 миллиард доллар ёки 2021 йилги кўрсаткичлардан 2,3 баробар кўп маблағ келиб тушган.

Қозоғистондан январь-июнь ойлари давомида 327 миллион доллар пул ўтказилган. Учинчи ўринда 33 миллион доллар билан Қирғизистон қайд этилган. Бироқ Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтказилган пул миқдори қарийб икки баробарга кўп — 64 миллион доллар.

МДҲдан ташқаридаги давлатлар орасидан АҚШдан ўтказмалар энг юқори — 237 миллион доллар. Шунингдек, бу даврда Жанубий Кореядан — 138 миллион доллар, Туркиядан — 104 миллион доллар (Ўзбекистондан Туркияга 247 миллион доллар ўтказилган), Исроилдан — 78 миллион доллар, Швейцариядан — 70 миллион доллар, Швециядан — 24 миллион доллар, Бирлашган Араб Амирликларидан — 23 миллион доллар Ўзбекистонга ўтказилган.

Янгиликлар