Маҳалла вазирлигининг ишонч телефонига баъзи ҳолатларда боғланиб бўлмаётгани сабаби айтилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева 4 ноябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда вазирликнинг ишонч телефонига баъзи ҳолатларда боғланиб бўлмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда брифингда қатнашган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, ишонч телефонига қилинаётган қўнғироқлар «O‘zbеktеlеkom» акциядорлик компанияси таркибидаги 10 нафар оператор ходимлар томонидан 24 соат давомида қабул қилинмоқда. Мавжуд техник имкониятларга кўра операторлар бандлиги кузатилганда бир вақтнинг ўзида 50 та мурожаатчи кутиш тартибида ушлаб турилади. Оқибатда 51 ва ундан кейинги телефон қўнғироқларининг тармоққа уланиш имконияти маълум вақтга қадар камаяди.

Тармоқлар бандлиги кузатилганда мурожаатчи маълум муддат кутиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг мурожаати белгиланган кетма-кетлик асосида қабул қилиб борилади.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг 27 октябридан 3 ноябрь кунига қадар 1146 қисқа рақамли ишонч телефони орқали умумий ҳисобда 2313 та аҳоли мурожаатлари қабул қилинган. Уларнинг аксарияти ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам, оилавий муносабатлар, уй-жой ва уларни таъмирлаш билан боғлиқ. Шунингдек, карантин даврида моддий ёрдам, озиқ-овқат ва тиббий ҳимоя воситалари билан таъминлаш каби турли масалалардан ташкил топган.

Фуқаролардан вазир ва вазирлик раҳбариятининг шахсий қабули орқали 2450 та, вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан жами 150 минг 156 та мурожаат келиб тушган. Шунингдек, сўнгги уч ой давомида вазирлик ва вазирнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларига 800 дан ортиқ фуқаро мурожаат қилган.

Аввалроқ АОКАда ўтказилган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида жисмоний зўравонликка учраган 168 нафар эркак реабилитация марказига мурожаат йўллаганини айтгани хабар қилинганди.

Янгиликлар