Тошкентда ноябрь ойи давомида «Тошкент ёшларни севади» номли ёшлар фестивали ўтказилади
Тошкент шаҳар ҳокимлигида 4 ноябрь куни шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида ноябрнинг биринчи ҳафтасидан бошланиб, бир ой давом этадиган ёшлар фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда анжуманда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова, Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти директори Санжар Тожиев, шунингдек, журналист ва блогерлар иштирок этган.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ноябрь ойи давомида бўлиб ўтадтган ёшлар фестивалини ташкил қилган. Мазкур фестиваль «Тошкент ёшларни севади!» шиори остида ўтказилади.
Ойлик доирасида маҳорат дарслари, бадиий кўргазмалар, таълим ва спорт тадбирлари, концертлар, тадбиркорлар билан учрашувлар, пойтахтнинг диққатга сазовор жойларига экскурсиялар, викторина ва танловлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
«Шу йил ёз давомида карантин сабабли кўплаб ёшларимиз уйда ўтиришди, ҳеч қанақа ижтимоий тадбирлар ташкил қилинмади. Шунинг ҳисобига бу ёшларимизга салбий таъсир қилди. Бу пандемия балоси қачон тугаши номаълум, лекин ёшларга амалий ёрдам кўрсатишимиз керак. Албатта, бу бир ойлик тадбиримиз пандемия шароитини ҳисобга олган бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган ҳолда ўтказилади. Олдимизда турган ғовни биз кўриб, билиб турибмиз. Бу томонларини ҳам ҳисобга олиб, тадбир давомида ёшларнинг кайфиятини ва мотивациясини оширишга ҳаракат қиламиз», — Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Тадбирлар технологиялар, таълим, спорт ва маданият соҳалари каби тўрт йўналишга бўлинади. Фестиваль ҳафталари ҳам айнан шу тўртта мавзудаги йўналишга бўлинади: Технологиялар ҳафталиги, Таълим ҳафталиги, Спорт ҳафталиги ва Маданият ҳафталиги.
Маълумот учун, фестиваль қуйидаги сана ва манзилларда ўтказилиши режалаштирилган:
- 6 ноябрь — Киберспорт бўйича мусобақа – (Cyber арена биносида);
- 7 ноябрь — Робототехника бўйича Технопарк, «IT Park», профилли университетларда экскурсиялар;
- 8 ноябрь — Ҳарбий ўйинлар, ўқув машғулотлар, концертлар (Тошкент шаҳар ёшлар марказида);
- 9 ноябрь — «Street ball» – («Hyatt» меҳмонхонаси автотураргоҳида);
- 10 ноябрь — Муваффақиятга эришиш сирлари («Hilton» меҳмонхонаси биносида);
- 11 ноябрь — Модалар фестивали («Hilton» меҳмонхонаси биносида);
- 12 ноябрь — Шахмат мусобақаси – (Ёшлар ижод саройи биносида);
- 13 ноябрь — Олтин ракетка (Экопаркда);
- 14 ноябрь — Эко-акция, Футбол Drifting («Бунёдкор» стадионида);
- 15 ноябрь — Велопойга, театр ва жазз (Ёшлар театрида);
- 16 ноябрь — Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар билан учрашуви, Депутатларнинг ёшлар билан учрашуви (Шаҳар ҳокимияти биносида);
- 17 ноябрь — «Замонавий журналист» мастер-класслари («Hilton» меҳмонхонасида);
- 18 ноябрь — «Замонавий маркетинг» мастер-класслари («Hilton» меҳмонхонасида);
- 19 ноябрь — «Бизнесни қандай очиш мумкин ва у қандай ишлайди?» мавзусида мастер-класс («Hilton» меҳмонхонасида);
- 20 ноябрь — «Психология» мастер-класси («Hilton» меҳмонхонасида);
- 21 ноябрь — «Quiz fest» (Tashkent City, Япон боғида);
- 22 ноябрь — КВН/ҚВЗ ўйинлари;
- 23 ноябрь — Театрларга экскурсиялар;
- 24 ноябрь — «Freelance forum»;
- 25 ноябрь — Камалак юлдузлари (Ўзбекистон давлат Консерваториясида);
- 26 ноябрь — Ёш истеъдодлар (кўргазма), вакансиялар ярмаркаси (Юнусобод теннис спорт мажмуасида);
- 27 ноябрь — Имконияти чекланган шахслар учун чиқишлар (Ёшлар марказида);
- 28 ноябрь — Dance Music Fest (Наврўз боғида);
- 29 ноябрь — Гала концерт, ҳаракатланувчи флешмоб лазер-шоу («Ҳумо» арена спорт мажмуасида).
Маълумот учун, тадбирларнинг бир қисми интернет-анжуманлар режимида ва ижтимоий тармоқларда бўлиб ўтади.