Ўзбекистонда кейинги ҳафта 27 даражагача совуқ об-ҳаво кузатилади

«Ўзгидромет» 9 январь, душанба куни Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисмининг шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келишидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, 9-11 январда республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. 9-10 январда баъзи жойларда шамол 15-20 метр/секундгача кучайиши мумкин.

10-15 январда республика бўйича аномал совуқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари 12-17 даража совуққача, кундуз кунлари 5-8 даража совуққача; шимолда кечалари 17-22 совуқгача, Устюртда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 25-27 совуқгача, кундуз кунлари 7-10 даража совуққача, жанубда ва Фарғона водийсида кечалари 5-10 совуққача, кундуз кунлари 2-5 даража совуққача пасаяди.

Йўлларда баъзи жойларда яхмалак юзага келади.

Янгиликлар