«Сурхондарёда ЙПХ ходими ҳайдовчига куч ишлатди» сарлавҳаси остида тарқалган видеога изоҳ берилди
Республика ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати ижтимоий тармоқда «Сурхондарёда ЙПХ ходими ҳайдовчига куч ишлатди» сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан изоҳ берди.
Хабарга кўра, 2020 йил 29 август куни Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари А.Ғаппоров ва Ж.Қўлтўраевлар белгиланган тақсимот асосида Бойсун тумани ҳудудида хизмат олиб борган вақтида, 4Р-105 автомобиль йўлининг 105-километрида «Nexia» русумли автомобиль тўхтатилиб текширилган ва ҳайдовчидан спиртли ичимлик ҳиди келганлиги сабаб тиббий текширувга таклиф этилган. Ҳайдовчи ушбу вақтда ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатиб, жавобгарликка тортилиши мумкинлигини билиб, воқеа жойидан қочишга уринган.
Қайд этилишича, кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи 1979 йилда туғилган Н.Б. тиббий кўрикдан ўтган ва шифокор берган хулосага кўра, ҳайдовчининг мастлик ҳолати тасдиқланган.
Йўл ҳаракати қоидаларининг 9- ҳамда 12-бандлари талабларини бузганлиги бўйича ҳайдовчи Н.Б. га нисбатан ЙПХ ходими томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1-қисми (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги) ва 131-моддаси 1-қисми (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши) тартибида маъмурий баённома тузилган ва автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани суди томонидан фуқаро Н.Б. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 125-моддаси 1-қисми ҳамда 131-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш ҳамда БҲМнинг 8 (саккиз) баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.