Ўзбекистон Жаҳон банки томонидан ташкиллаштирилган «Аёллар, бизнес ва қонун» индексида анчайин мустаҳкам ўрин эгаллади

Ўзбекистон Жаҳон банки томонидан ташкиллаштирилган «Аёллар, бизнес ва қонун 2024» индексида катта натижаларга эришаётган мамлакатлар бешталигидан ўрин олди. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.

Индексда 190 та мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам тақдим этилган. У қуйидаги тоифалар бўйича тузилади: хавфсизлик, ҳаракатланиш эркинлиги, бандлик, меҳнат тўлови, никоҳ, ота-оналик, болалар парвариши, тадбиркорлик, мол-мулкка эгалик ва пенсия таъминоти.

Баёнотнинг сўнгги нашрида мамлакатларнинг қонунчилигига 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 октябрга қадар киритилган ўзгартиришлар баҳоланган.

«Ушбу даврда атиги 18 та мамлакат ёхуд индексда баҳоланаётган давлатларнинг 10% юқорида санаб ўтилган кўрсаткичлар бўйича аёллар ҳуқуқларини яхшилашга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказган», – дейилган хабарда.

Умумий ҳисобда 18 та мамлакат жинсий тенгликни таъминлаш учун 47 та ислоҳот ўтказган.  Хусусан, Европа ва Марказий Осиё ҳудудида Ўзбекистон, Арманистон, Кипр, Молдавия, Озарбайжон каби бешта иқтисодиёт 9 та ислоҳот ўтказган.

«Ўзбекистон, Иордания, Малайзия, Сьерра-Лионе ва Того билан бир қаторда катта натижаларга эришган давлатлар бешталигиша кирди. 2022 йил октябрь ойидан буён мамлакатда аёллар ҳолатини яхшиловчи 4 та муҳим ҳуқуқий ислоҳот ўтказилган», – қайд этди Жаҳон банки.

Аниқлик киритилишича, ушбу ислоҳотлар иккита муҳим кўрсаткич (меҳнат тўлови ва никоҳ) доирасида мамлакат мавқейи яхшиланишига хизмат қилган. Бу Ўзбекистон рейтинги 11,9 бандга кўтарилишига сабаб бўлган. Мамлакат «Аёллар, бизнес ва қонун — 2024» индексида 100 баллдан 82,5 балл йиғган.

Мамлакат Туркия, Сингапур ва БАА билан бир хил балл йиғиб, Марказий Осиё бўйича энг сара натижага эришди.

Янгиликлар