SIUT «Йил бренди-2023» мукофотини қўлга киритди

VI Халқаро «Makon Marketing Forum 2024» бизнес-форуми доирасида Самарқанд халқаро технология университети «Таълим» йўналиши бўйича «Йил бренди – 2023» мукофотини қўлга киритди.

2024 йилнинг 18-19 май кунлари Тошкент шаҳридаги «Humo Arena» муз саройида VI «Makon Marketing Forum 2024» халқаро бизнес-форуми  доирасида хизмат кўрсатиш соҳасида энг муваффақиятли бизнес лойиҳалар, фаол тадбиркорлар, олий ўқув юртларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

«2023 йилда Ўзбекистонда ноёб хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда халқаро даражадаги илмий баъзага эга инглиз тилидаги биринчи халқаро технологик университетни яратишдаги ютуқлари учун» махсус номинацияда Самарқанд халқаро технология университети «2023 йил бренди» дея эътироф этилди.

«SIUT’га «Йил бренди-2023» мукофотини топшириш маросимида университет ректори, профессор Юсуф Абдуллаев сўзга чиқиб, «Ўзбекистонда «Учинчи Реннесанс даври» ҳаракатга келтирувчи кучларидан бири сифатида мамлакатимизда олий таълим тизими тараққиётидаги ижобий динамикани алоҳида зикр этиш даркор», –дея таъкидлади  ўз нутқида давомида.

Самарқанд халқаро технология университетининг ташкил этилиши – давр талабларига кўра ўзига хос «реакция»дир, – дейди профессор Юсуф Абдуллаев. «Университет ташкил этилганидан буён эндигина икки ярим йил ўтган бўлсада, университетнинг «Йил бренди» мукофоти билан тақдирлангани биз тўғри йўлдан – Янги Ўзбекистон учун жаҳон стандартлари даражасидаги муҳандис кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш ва шакллантириш йўлидан бораётганимиздан далолат беради», – дея ўз фикрларини давом эттирди профессор.

Университетда дунёнинг 16 давлатидан 30дан ортиқ хорижлик профессор-ўқитувчилар дарс бермоқда. Талабаларимиз улардан тажриба ва билим олиш учун ноёб имкониятга эга бўлишлари баробарида, хорижлик профессор-ўқитувчилар бугунги кунда мамлакатимиздаги технологиялар ривожига, республиканинг илмий-техник салоҳиятининг барқарор ўсиш суръатига ижобий таъсир кўрсатмоқдалар. Шахсан мен талаба қизларимиз билан фахрланаман, – дея давом этади ректор. «Сабаби, ўқув йили якунлари бўйича энг яхши ўн нафар талаба орасида «муҳандислик эркак касби», – деган барча қолип ва тасаввурларни йўққа чиқарган олти нафар қизларим бор».

Тадбир давомида Makon Marketing Forum’и доирасида SIUT ва форум ташкилотчиси Ўзбекистон Маркетинг Ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

«SIUT билан имзоланган меморандум ва ўрнатилган манфаатли ҳамкорлик туфайли Ассоциациямиз Самарқанд халқаро технология университетининг янги кампусида ўзининг илк Самарқанд офисини очади», – дейди Ўзбекистон Маркетинг ассоциацияси бошқаруви раиси Диёр Мирзааҳмедов.

«Makon Marketing Forum» халқаро бизнес-форуми маркетинг ва савдо соҳасидаги тадбиркорлар ва етакчи мутахассисларни ўзида жамлаган Марказий Осиёдаги энг йирик профессионал форумлардан бири ҳисобланади. Жорий йилда форум ташкилотчилари саналган Ўзбекистон Маркетинг уюшмаси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан «Йил бренди – 2023» ғолибларини аниқлаш мақсадида 25 та номинация бўйича овоз бериш жараёни ҳақида эълон қилди.

Овоз бериш очиқлик ва шаффофлик асосида ҳалоллик принспларига кўра ўтказилди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, SIUT ҳам мазкур форумнинг ВИП ҳамкорлари рўйхатидан ўрин олган.

SIUT’да 2024/2025 ўқув йили учун 12 та таълим йўналишининг бакалавриат босқичида 285 та квота ажратилган ва ушбу йўналишлар бўйича ҳужжатлар қабули давом этмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Янгиликлар