Тошкентда ИИВ, ДХХ ва Мудофаа вазирлиги шифохоналарига бириктирилган даволаш марказлари фаолиятини бошлади

Бош вазир ўринбосари, Республика махсус комиссияси аъзоси Беҳзод Мусаев 4 август куни «Ўзбекистон 24» телеканали журналистига берган интервюсида Тошкент шаҳрида Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати шифохоналарига бириктирилган даволаш марказлари ишга тушганини маълум қилди.

Таъкидланишича, Мудофаа вазирлигига назорати юкланган тақсимлаш марказида 815 ўрин ҳозирланган бўлиб, марказ тиббиёт ходимлари билан тўлиқ таъминланган. Сўнгги икки кунда марказга 719 та мурожаат келиб тушган ва 416 нафар бемор даволанган. Шунингдек, ИИВ ва ДХХ госпиталлари назоратидаги тақсимот марказларида 550 ўринга мўлжалланган даволаш марказлари фаолият юритмоқда.

«Aсосий мақсад — даволанишга келган беморни тезда малакали мутахассислар кўригидан ўтказиб, дори-дармон билан таъминлаб, уйига жўнатиш. Aгарда бемор оғир форма билан касалланиб, даволанишга муҳтож бўладиган бўлса, Зангиотадаги даволаш марказига ўтказилади.

Зангиотадаги марказ COVID-19 беморларини даволаш учун кенгайтирилганлиги сабабли Тошкент шаҳрида коронавирус беморларини қабул қилувчи клиникаларни камайтирадиган бўлдик. Ҳозирда 11 та тиббиёт муассасаси бошқа турдаги касалликларга шошилинч хизмат ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга қайтарилмоқда», — дейди бош вазир ўринбосари.

Aввалроқ Тошкентда ДХХ, ИИВ ва Мудофаа вазирлиги 2–3 кун ичида қўшимча даволаш марказлари фаолиятини йўлга қўйиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволашга ҳарбий шифокорлар ҳам жалб қилиниши ҳақда хабар берилган.

Янгиликлар