Бухорода фуқаронинг норозилик мурожаатига кўра кўп қаватли турар жой биноси қайта қабул қилинади

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Бухоро шаҳрининг Пиридастгир ва Мустақиллик кўчалари кесишмасида жойлашган 6-«Б» уйда яшовчи фуқаро аҳоли номидан норозилик билдириб қилинган видеомурожаати юзасидан шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мурожаатда янгидан қуриб, фойдаланишга топширилган 5 қаватли уйда яшаш учун шарт-шароит мавжуд эмаслиги, табиий газ, электр энергияси, канализация тизими, иссиқ сув йўқлиги айтилган. Ертўласи ва атрофи антисанитария ҳолатида, ташландиқ ва қаровсиз ётгани, кўчиб ўтган оилалар оғир шароитда яшашга мажбур бўлаётгани маълум қилиниб, амалий ёрдам сўралган.

«Мазкур ҳолат юзасидан шуни маълум қиламизки, Бухоро шаҳар ҳокимининг 2015 йил 31 декабрдаги 2264-сонли қарорига мувофиқ, айнан юқорида қайд қилинган кўп қаватли турар жой биноси қурилиши тендер танлови асосида атрофида болалар майдончаси ҳамда автотураргоҳ барпо этиш шарти билан Жамшид Сафаров раҳбарлик қилаётган хусусий қурилиш-пудрат корхонаси зиммасига юклатилган.

Режага мувофиқ, қурилиш ишлари олиб борилган ва кейинчалик хусусий қурилиш корхонаси раҳбари Ж.Сафаровнинг қурилиш ишларини давом эттириши учун молиявий имконияти бўлмаганлиги сабабли 6-«Б» турар жойидаги ишлар фуқаро Муродова Сурайё Саъдиевна томонидан давом эттирилган. Ижтимоий тармоқда норозиликларини билдирган аҳоли вакиллари эса жараён суст кечганлигига қарамасдан, бир неча ой бурун турар жой тўлови билан боғлиқ тўловларни амалга оширганликлари, уйга муҳтожликлари сабабли унга кўчиб ўтишган.

Мазкур манзилда яшовчи аҳоли номидан яқинда Бухоро шаҳар ҳокими номига ёзиб берилган илтимосномада таъкидланганидек, уйни канализация, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқларига улашда фуқаро Сурайё Муродова жалб қилган ёлланма гуруҳ ишчилари томонидан қатор ишлар амалга оширилган. Шу боисдан бу уйда яшовчилар қурилиш-пудрат корхонасига ва турар жой биноларини қабул қилиш давлат комиссиясига ҳеч қандай эътироз ва норозиликлари йўқлигини билдиришган», — дейилади шаҳар ҳокимлигининг расмий баёнотида.

Маълумот учун, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда 6-«Б» кўп қаватли уйи турар жой биноларини қабул қилиш давлат комиссияси томонидан шаҳарсозлик қоида-меъёр талабларига мувофиқ қайта қабул қилинади.

Аввалроқ Бухорода 660 та оилага мўлжалланган 22 та кўп қаватли уй қурилаётгани, Уйчида 200 га яқин муҳтож оила учун мўлжалланган турар жой қурилишининг 65 фоизи битказилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар