ЕТТБ 2020 йил Ўзбекистонда ЯИМнинг қисқаришини прогноз қилди
Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 2020 йилнинг биринчи ярмида 0,2 фоизгача пасайиб, асосан, қишлоқ хўжалиги (2,8 фоиз) ва қурилиш (7,3 фоиз) соҳаларидаги ўсиш ҳисобига ижобий кўрсаткичини сақлаб қолди. Бошқа соҳаларда пасайиш кузатилди. Бу ҳақда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) матбуот хизматининг янги макроиқтисодий ҳисоботга асосланиб, «Газета.uz»га хабар берди.
Ҳисоботдан келиб чиқадики, саноат ва газ қазиб олиш 1,9 фоиз ва 17,1 фоизга камайган. Меҳмонхона бизнеси ва чакана савдода 1,1 фоизга, транспорт ва сақлаш, ахборот ва алоқада 3,2 фоиз пасайиш кузатилган. Январь-июль ойларида ишсизлик 13,2 фоизгача ўсган (бир йил олдин 9,1 фоиз), реал даромадлар эса 1,7 фоизга камайган.
Ялпи талаб фонида инфляция август ойида 11,7 фоиз гача пастлаган (2019 йил августда — 16,5 фоиз), бу эса Марказий банкни қайта молиялаш ставкасини йиллик 15 фоиздан 14 фоизгача туширишга мажбур қилган.
Ҳисоботда таъкидланишича, Инқирозга қарши жамғарма (ЯИМнинг 1,5 фоизга яқини) ташкил этилганига қарамай, мамлакат кучли ташқи босимни бошдан кечирмоқда. Йилнинг етти ойида импорт тахминан 18 фоизга, экспорт эса 21 фоизга камайган. Россия ва Қозоғистондаги иқтисодий фаолликнинг сустлашуви ва январь-июль ойларида пул ўтказмаларининг 7 фоизга пасайиши туфайли ташқи мувозанат янада ёмонлашган.
«Умуман олганда, ЕТТБ 2020 йил реал ЯИМнинг 2 фоизга қисқаришини прогноз қилмоқда. Таҳлилчилар экспорт ва ички талабнинг тикланиши билан боғлиқ ҳолда 2021 йилда 4,5 фоиз ўсишни кутмоқдалар», дейилади хабарда.