Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 2020 йил I ярим йиллигида қанчага ошгани маълум қилинди
Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, 19,4 миллиард доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 34 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 1,6 миллиард долларга ёки йил бошига нисбатан 10,5 фоизга ошиб, 1 июль ҳолатига 17,31 миллиард долларга ёки ЯИМга нисбатан 30,3 фоизга етган.
Шундан:
- ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз 11,6 миллиард доллар;
- ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз 5,7 миллиард доллар.
Давлат ички қарзи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 21,6 триллион сўм (2,1 миллиард доллар)ни ёки ЯИМга нисбатан 3,7 фоизни ташкил этган.
Шундан:
- ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз — 4,3 триллион сўм (0,4 миллиард доллар);
- ҳукумат кафолатлаган ички қарз — 17,3 триллион сўм (1,7 миллиард доллар).
Таъкидланишича, давлат қарзининг сўнгги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистоннинг давлат қарзи (ЯИМга нисбатан — 34,0 фоиз), шу жумладан, давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан — 30,3 фоиз) мўътадил даражада сақлаб қолинмоқда.
2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, давлат ташқи қарзининг иқтисодиёт тармоқлари кесимида тақсимланиши қуйидагича:
- энергетика — 5,1 миллиард доллар;
- транспорт ва транспорт инфратузилмаси — 2,2 миллиард доллар;
- қишлоқ хўжалиги — 1,9 миллиард доллар;
- уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш — 2,2 миллиард доллар;
- бюджетни қўллаб-қувватлаш — 2,4 миллиард доллар;
- суверен халқаро облигациялар — 1,0 миллиард доллар;
- кимё саноати — 0,9 миллиард доллар;
- таълим ва соғлиқни сақлаш — 0,6 миллиард доллар;
- телекоммуникация — 0,2 миллиард доллар;
- бошқалар — 0,8 миллиард доллар.
Aввалроқ Ўзбекистон 2020 йилда 12 та давлатдан 52,5 тонна атир маҳсулотини импорт қилгани маълум қилинганди. Шунингдек, август ойида истеъмол нархлари даражаси ярим фоизга кўтарилгани ҳақида хабар берилган.