Тошкентда Zakovat-Gambit турнири ғолибларига 620 млн сўмлик соврин жамғармаси берилади

Финал баҳсларида иштирокчилар ўз даражаларига кўра бешта гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади

Пойтахтда рекорд даражадаги 5831 нафар шахматчини ўзида жамлаган V «Zakovat-Gambit» турнирининг ҳал қилувчи финал ўйинларига старт берилди.

Маълумот учун, бу йилги мусобақа янада кенг қамровли бўлиши учун илк бор икки хил саралаш тизими жорий этилди. Хусусан, аввал республиканинг барча 14 ҳудудида юзма-юз баҳслар, сўнгра эса онлайн платформада қўшимча саралаш ўйинлари ташкил қилинди.

«Заковат арена» биносида ўтаётган финал баҳсларида иштирокчилар ўз даражаларига кўра бешта гуруҳга бўлинган ҳолда жами 620 миллион сўмлик соврин жамғармаси учун ўзаро дона сурмоқда. Ушбу гуруҳларнинг ҳар бирида ғолибликни қўлга киритганларга 50 миллион, иккинчи ўринга 30 миллион, учинчи ўринга ва аёллар ўртасидаги энг кучли иштирокчига эса 20 миллион сўмдан пул мукофотлари берилиши белгиланган.

Шу билан бирга, мусобақанинг энг ёш қатнашчиси бўлган 8 ёшли Мустафо Пўлатов ва энг ёши улуғ иштирокчи 63 ёшли гроссмейстер Тоир Воҳидовнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан махсус мукофот топширилади. Турнирнинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, унда Жаҳонгир Воҳидов, Афруза Ҳамдамова ва Умида Омонова каби терма жамоанинг машҳур аъзолари ҳам иштирок этмоқда.

Меҳмонлар сифатида таклиф этилган жаҳон гроссмейстерлар Петер Леко ва Хампи Конеру ёш спортчиларга қарши сеанс ўйинлари ўтказиб, мамлакатда шахмат жуда тез ривожланаётгани ҳамда ёшларнинг кўзидаги иштиёқ уларда кучли таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлашди.

Барча гуруҳлардаги якуний ғолибларни тақдирлаш маросими 30 октябрь куни «Ўзбекфильм» павилонида тантанали равишда ўтказилади.

Ўзбекистон