Тошкентда атмосфера инверсияси яна 10 кунга сақланиб қолиши мумкин
Ушбу даврда пойтахтда чанг заррачалари ва бошқа ифлослантирувчи моддалар концентрацияси ортиши мумкин

Тошкентда атмосфера инверсияси яна 10 кунга яқин сақланиб қолиши мумкин, деб хабар берди Ўзгидромет.
Синоптиклар пойтахтда ҳаво ифлосланиши нега кучаяётганини тушунтирди.
Бу жараённи оддий мисол билан тушунтириш мумкин: чанг ва ифлослантирувчи моддалар ҳавога доимий равишда чиқиб турибди. Агар шамол эсмаса, уларнинг тарқалиб кетиши қийинлашади. Ёмғир ёғса ҳам ҳаводаги чанг заррачаларини ювиб туширади. Шамол ва ёмғир бўлмаган даврда ифлослантирувчи моддалар ҳавода тўпланиб боради. Атмосфера инверсияси эса уларнинг юқорига тарқалишини янада қийинлаштиради, — дейилади хабарда.
Натижада, ҳар куни кун исиган вақтда шамол эсиб, чанг тарқаб, ифлосланганлик даражаси нисбатан пасаймоқда. Тонгда ва кечки пайтга келиб инверсия таъсирида чанг тарқалмасдан ифлосланиш даражаси ортмоқда.
Таъкидланишича, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Улардан, шаҳарда автомобил йўлларига сув сепилиши, иссиқхоналарда фильтрлар ўрнатилиши, кўкаламзорлаштириш ишлари, қурилиш майдонларида чанг кўтарилмаслигини назорат қилиш ва бошқалар.
Шу билан бирга, атроф-муҳитни ифлослантираётган иссиқхоналар ва саноат корхоналарига рейдлар уюштирилмоқда.





