Шавкат Мирзиёев Туркиянинг йирик компаниялари раҳбарларини қабул қилди

Давлат раҳбари сўнгги йилларда Туркия билан стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини қайд этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида OYAK компанияси бош ижрочи директори Мурат Ялчинташни қабул қилди.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда Туркия билан стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, бу жараёнда ишбилармон доира вакилларининг ўрни ва ҳиссаси беқиёс эканини қайд этди.

Мулоқот чоғида туркиялик ҳамкор ҳар бир сармоядор учун катта имкониятлар майдонига айланиб бораётган Янги Ўзбекистонда кимё саноати, геология ва қурилиш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Шунингдек, Янги Тошкентда турар жой мажмуалари ва ташқи инфратузилма объектлари қурилишида фаол иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Анқарада Evyap Holding компанияси бошқарув кенгаши аъзоси Ўмер Эвьяпни қабул қилди.

Мулоқот чоғида компания раҳбари Янги Ўзбекистонда турк компаниялари учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва тақдим этилаётган кенг имтиёзлар туфайли уларнинг сони йил сайин ўсиб бораётганини қайд этди.

Evyap Holding компанияси шахсий гигиена ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги бой тажрибасидан келиб чиқиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлиги билдирилди.

Учрашувда OSTIM Global Ўзбекистон – Туркия саноат зонасида йўлга қўйилаётган янги лойиҳани жадаллаштиришга келишиб олинди. Шунингдек, ишлаб чиқариш учун зарур хомашёни маҳаллийлаштириш имконияти атрофлича кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида EKSIM Holding компанияси бошқарув кенгаши раиси Эбубекир Тивниклини қабул қилди.

Давлат раҳбари учрашув аввалида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.

Мулоқот давомида қайта тикланувчи энергетика, геология ва тоғ-кон саноати, инфратузилма, электромобиллар учун қувватлаш станцияларини ташкил этиш ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги лойиҳаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, мамлакатда янги электр узатиш тармоқларини барпо этиш, геология йўналишидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳрида Anadolu Group холдинги бошқарув кенгаши раиси Камилхан Сулейман Язижини қабул қилди.

Учрашувда ушбу компаниянинг салқин ичимликлар ва автомобилсозлик соҳаларида Ўзбекистон бозорига киритган йирик инвестициялари мамлакатимиздаги ислоҳотларга бўлган ишончнинг яққол ифодаси экани алоҳида таъкидланди.

Жумладан, Самарқанддаги “СамАвто” корхонасини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт маҳсулотлари ҳажмини кенгайтириш бўйича қўшимча инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Туркиянинг йирик чакана савдо тармоғини Ўзбекистон бозорига олиб кириш, чорвачилик мажмуасини барпо этиш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби истиқболли йўналишлар ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон