Ўзбекистонда август ойида истеъмол нархлари даражаси ярим фоизга кўтарилди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг август ойида истеъмол нархлари ва тарифлари даражаси ўртача 0,5 фоизга кўтарилди. Давлат статистика қўмитаси сайтида эълон қилинган ҳисобот шундан далолат бермоқда.

Қайд этилишича, мева ва сабзавот нархларининг ўзгаришини ҳисобга олмаганда, ушбу кўрсаткич даражаси 0,8 фоизни ташкил этган. 2020 йилнинг январь—август ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 4,8 фоизга кўтарилган.

Йиллик даврда (2019 йилнинг августига нисбатан) товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш суръати 11,7 фоизни ташкил этган. 2019 йилнинг августида товарлар ва хизматлар нархлари ой давомида ўртача 2,9 фоизга кўтарилган.

Мева ва сабзавот нархларининг ўзгаришини ҳисобга олмаганда, ушбу кўрсаткич даражаси 3,2 фоизни ташкил этган. 2019 йилнинг январь—август ойларида товарлар ва хизматлар ўртача 8,2 фоизга қимматлашган. 2018 йилнинг августига нисбатан 2019 йилнинг август ойида товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 16,5 фоизга ошган.

Ўртача ойлик ўсиши ҳисоблаш натижаларига кўра, ИНИ (нархлар индексининг ўртача ойлик ўсиш суръати, кўриб чиқилаётган даврнинг ҳар бир ойи учун қисқа муддатли нарх индексларининг олдинги ойга нисбатан ўртача геометрик қиймати) 2020 йилнинг январь—август ойлари давомида 0,6 фоизни, 2019 йилнинг шу даврида эса 1 фоизни ташкил этган.

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Ўтган йилнинг декабрига нисбатан 2019 ва 2020 йилларнинг январь—август ойларида умумий ИНИ кўрсаткичлари орасидаги катта тафовут август ойида (мос равишда 108,2 фоизга қарши 104,8 фоиз ёки 3,4 пункт), минимал даражадаги фарқ эса апрель ойида (105,3 фоизга қарши 104,5 фоиз, ёки 0,8 пункт) қайд этилган.

2020 йилнинг август ойида йиллик умумий ИНИ ўтган ойнинг шу кўрсаткичига нисбатан 2,7 пунктга пасайган (114,4 фоиздан 111,7 фоизгача). Шу билан бирга, ўтган йилнинг август ойига нисбатан 2020 йилнинг август ойидаги натижа 2019 йилнинг август ойидаги кўрсаткичга нисбатан 4,8 пунктга паст бўлган (111,7 фоизга қарши 116,5 фоиз).

Aввалроқ Ўзбекистон 2020 йилда 12 та давлатдан 52,5 тонна атир маҳсулотини импорт қилгани маълум қилинганди.