Иситиш мавсумида айрим эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам берилади
Маблағлар ноябрь ойида ўтказиб берилиши керак. Бўлинмага ижтимоий реестрдаги оилалар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари киради

Ўзбекистонда 2026/2027 йиллар иситиш мавсуми доирасида айрим фуқароларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги президент фармонига таяниб хабар бермоқда.
«Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида 2026 йил ноябрь ойида қуйидагиларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади:
• ижтимоий реестрга киритилган оилаларга;
• «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида Реестрга киритилмаган, бироқ ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича Реестрга киритиш мезонларига мос келадиган оилаларга.
Жумладан:
• оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмайдиган оилаларга;
• марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилаларга. Бунда мазкур оилаларнинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ҳамда Тошкент шаҳрида 3 баробаридан ошмаслиги лозим;
• барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман (шаҳар) штаблари қарорига мувофиқ ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади юқорида назарда тутилган мезонлардан ошган айрим эҳтиёжманд оилаларга;
• ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестридаги фуқароларга, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга.





