Видео: Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилмоқда. Ҳокимият буни рад этмоқда
Зарафшон шаҳрида мушук ва итларнинг заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани ҳақида «Tez News» таҳририятига мурожаат келиб тушди. Мурожаатда айтилишича, заҳарланган ҳайвонлар беш дақиқада ҳалок бўлишмоқда. «Бир гуруҳ фуқаролар Ички ишлар вазирлигига фото, видео каби далиллар билан мурожаат қилди. Лекин ҳеч қандай натижа йўқ», — деб ёзган исми ошкор этилишини истамаган мурожаатчи.
Зарафшон шаҳар ҳокимлигининг Ободонлаштириш бошқармаси «Tez News» мухбири билан бўлган суҳбатда шаҳарда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдириб, аҳолидан дайди итлар томонидан одамлар ва қорамолларга тажовузлар бўлаётганлиги тўғрисидаги мурожаатлар келиб тушганини маълум қилган.
Зарафшон шаҳри расмийлари ушбу ҳудудда 51 нафар фуқаро ва уй ҳайвонлари дайди итлардан азият чекиб, жабрланганини маълум қилган.
Зарафшон шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси қошида ташкил этилган қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимига «Мурунтов» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган аҳоли ва фермер хўжаликлари уларга қарашли бўлган майда шохли молларга дайди итлар томонидан тажовузлар бўлаётганлиги тўғрисидаги мурожаатлар келиб тушган.
Мазкур мурожаатларга асосан, дайди ҳайвонларни тутиш отряди томонидан ишлаб чиқилган режа асосида кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, эгасиз итлар ва мушуклар ҳам олиб кетилганлигини маълум қиламиз.
Зарафшон шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси
Аввалроқ Бухорода 10 мингга яқин дайди ва қаровсиз ит, мушуклар йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда «Шарқ тароналари» арафасида итлар заҳарлаб ўлдирилгани эълон қилинган, кейинроқ бир маҳаллада 10 та ит ўлдирилгани рад қилинган ва ит ва мушукларни заҳарлаб ўлдирган мансабдор шахслар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилгани маълум бўлган.