Олмазорда «Spark» дарахтга урилиши оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлди
Тошкент шаҳар Олмазор туманида 5 ноябрь, пайшанба куни «Spark» машинаси йўл четидаги дарахтга урилиши оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 5 ноябрь куни соат 03:30 ларда туманнинг Келес йўли кўчасидаги 4A-уй қаршисида содир бўлган. Маълум қилинишича, ҳайдовчи, 1991 йилда туғилган Қ.Т. «Spark» русумли автомобиль тезлигини меъёридан оширган ҳолда ҳаракатланиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четидаги дарахтга урилган. Оқибатда 29 ёшли ҳайдовчи Қ.Т. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, ушбу автомобиль йўловчиси 34 ёшли К.Қ. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур йўл транспорт ҳодисаси юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда «Москвич» уриб юборган 51 ёшли пиёда касалхонада вафот этгани, Оҳангаронда «ВАЗ 2107» пиёдани уриб юбориб, жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.