Бухорода бир гуруҳ талабалар курсдошининг пластик картасидан 11 млн сўм ечиб олди

Бухоро қилояти Пешкў туманида бир гуруҳ талабалар курсдошининг пластик картасидан 11 миллион 450 минг сўм ечиб олди.

Маълум қилинишича, Пешкў туманида истиқомат қилувчи А.Г. ариза билан мурожаат қилиб, аризасида Telegram мессенжери орқали номаълум фойдаланувчи унга алоқага чиқиб, онлайн ўйинлардан доимий равишда фойдаланиб келгани учун ютуқли маблағ совриндори бўлганини айтади. Шунингдек, кўрсатилган ҳаволага ўтиб, пулларни олишини айтади ва у берган ҳаволага банк карта маълумотларини киритгани, кейин эса банк картасидаги 11 миллион 450 минг сўм пуллари номаълум равишда ечиб олинганини билдириб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида пулларни ўзлаштирган шахслар курсдош талабалар: 1998 йилда туғилган, Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи Н.Н., Навоий шаҳрида яшовчи Х.Х. ва Бухоро вилояти Олот туманида яшовчи С.Х. экани аниқланган.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноий гуруҳни қўлга олиш жараёнида 1 дона ноутбук, 7 дона хорижий давлатларнинг алоқа операторлари сим-картаси, 3 дона мобил алоқа воситаси, 2 дона электрон ҳамён ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олиб қўйилган.

Янгиликлар