Хакерлар ҳужумига учраган Сурхондарё вилоят ҳокимлиги сайти юзасидан баёнот берилди
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва 10 та туман ва шаҳар расмий сайтлари 6 январь куни ҳакерлар ҳужумига учрагани маълум қилинган эди. Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан баёнот берди.
Хабарга кўра, «Clone Security» гуруҳи ушбу ҳужумни ўз зиммасига олган.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги интернет нашрларида тарқалган вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» ДУКда ишлаб кетган ходимлардан бирининг ҳокимлик ишлар бошқарувчиси томонидан ўз иш кабинетида ўзаро келишмовчилик сабаб калтаклангани, вилоят ҳудудидан чиқиб кетиш шарти қўйилгани, ходим Президент Виртуал қабулхонасига қилган мурожаати учун расман ишдан олингани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг расмий сайти «Surxondaryo.uz» ҳакерлар ҳужумига учараган ва ҳакерлар вилоят ҳокимига мурожаат ёзиб қолдирган:
«АКТ бўлимига университетни отасини пулига тугатган каттаконларнинг боласини эмас, соҳа бўйича ҳақиқий мутахассисларни ишга олинг. Биз бугун ҳокимият тизимига кириб бордик. Агар яхши мутахассисларни эътиборга олиб, уларга қимматли вақтингизни ажратмасангиз, бутун интернетда сизнинг ёпиқ қарор ва фармойишларингиз шармандаларча тарқалади. Хавотир олманг, сизнинг ‘тупой’ АКТ ходимларингиз шарофати билан биз бутун ҳокимият тизимига кириб улгурдик», деган изоҳ ёзилган расмий сайтда.
Aввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот институти веб-сайти 21 ноябрь, шанба куни хакер ҳужумига учрагани маълум қилинган эди.