«Салом, бу — вой акахонларим». Фанлар академиясига тегишли сайт хакер ҳужумига учради

Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот институти веб-сайти 21 ноябрь, шанба куни хакер ҳужумига учради. Бу ҳақда академия матбуот хизмати хабар берди.

Скрин: «Instmech.uz»

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратга кўра, сўнгги хабарда «Салом, бу вой акахонларим» сарлавҳаси остида қора фонда турган ҳакер сурати жойланган.

Маълум қилинишича, хакерлик ҳужуми уюштирилган веб-сайт Фанлар академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти веб-сайти бўлиб, мазкур ҳолат институт масъул ходимлари томонидан бартараф этилган. Академия томонидан илмий-тадқиқот муассасасининг веб-сайтини такомиллаштириш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича топшириқлар белгиланган. Шунингдек, академия матбуот хизмати сайтга қўйилган банк пластик картаси фуқаро Б.Б.га тегишли эканлиги аниқланганини маълум қилган.

«Эслатиб ўтамиз, кибержиноят учун жавобгарлик белгиланган. Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этиладиган жиноятлар ва уларга нисбатан жавобгарлик кўзда тутилган», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 278⁵-моддаси (Компьютер саботажи)га кўра ўзганинг компьютер ускунасини қасддан ишдан чиқариш, худди шунингдек, компьютер тизимини бузиш:

  • 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 66 миллион 900 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача миқдорда жарима;
  • 2 йилгача озодликни чеклаш;
  • 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги расмий сайти хакер ҳужумига учрагани ҳақида хабар берилганди. Хакер сайтда «Aхборот хавфсизлиги қани, акалар? Бизнинг номзодни ўтказмаган, вой менинг акахонларим!» дея мурожаат қолдирганди.

Янгиликлар