АҚШда пандемия туфайли қанча одам озиқ-овқат танқислигидан қийналаётгани маълум қилинди

АҚШ иқтисодиёти янги коронавирус пандемияси оқибатлари билан курашишни давом эттирмоқда, 36 миллион америкаликлар эса озиқ-овқат танқислигини бошдан кечиряпти. Бу ҳақда 6 февраль, жума куни АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйдаги нутқида маълум қилди, дея хабар берди ТАСС.

Фото: REUTERS / Andrew Kelly

«Иқтисодиёт ҳали ҳам қийин аҳволда эканлиги аниқ, 10 миллиондан ортиқ одам ишсиз қолган, 4 миллион киши олти ой ёки ундан кўпроқ вақт давомида ишламаган. 24 миллион ёши катталар ва 12 миллион болалар озиқ-овқат танқислигидан қийналишмоқда. Шунинг учун мен тезда ҳаракат қиламан», – деган Байден.

Таъкидланишича, Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифингда АҚШ иқтисодиёти ҳозир жуда секин тикланаётганини айтган.

«Бизнинг иқтисодиётимиз Буюк Депрессиянинг энг ёмон даврларидан ҳам ёмонроқ бўлган инқироздан чиқиб, секин суръатларда ривожланмоқда», – деган у.

Маълумотларга кўра, АҚШ Меҳнат вазирлиги январь ойида ишсизлик даражаси бироз пасайиб, 6,3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида бу кўрсаткич 6,7 фоизни ташкил этган. Департамент томонидан жума куни эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, иш ўринлари сони 49 мингга кўпайган бўлиб, бир ой олдин 140 мингга қисқариш кузатилган эди, аммо бундан олдин бандлик олти ой давомида ўсиб борган.

Мавзуга доир: