АҚШда TikTok’ни тақиқлаш таклиф қилинди

АҚШ Вакиллар палатаси конгрессменлари TikTok иловасини тақиқлашга йўналтирилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

«Америкаликларни ғараз ниятли кимсалар томонидан назорат қилинадиган иловалардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги лойиҳа муаллифлари республикачи Майк Галлахер ва демократ Ража Кришнамурти саналади. Ҳужжатда ByteDance ва TikTok «хорижий ғараз ниятли кимсалар» томонидан ишлаб чиқилган илова сифатида белгиланган.

Хитойдаги ByteDance компанияси (TikTok соҳиби) иловадан воз кечиши лозим, акс ҳолда АҚШда тақиқланиши мумкин.

Қонун лойиҳаси кучга кирганидан сўнг ByteDance’га TikTok’дан воз кечиш учун 5 ой вақт беради.

Қайд этиш лозимки, 2021 йилда шахсий маълумотларга ишлов бериш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани туфайли бир қатор ижтимоий тармоқлар фаолияти чекланган эди. Бир йилдан сўнг TikTok’дан ташқари барча ижтимоий тармоқлар блокдан чиқарилди.

Янгиликлар