Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёвуз фитна ва ҳаракатларга жавобан кескин зарба бера олишини маълум қилди

Шавкат Мирзиёев 6 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда давлат ва эл-юртга нисбатан душманлик кайфиятида бўлган ҳар қандай ёвуз кучларга зарба берилишини маълум қилди.

Президент бугунги барча қийинчиликлар муносиб равишда, мардона енгиб ўтилишига ишонишини таъкидлади.

«Халқимизни қатъий ишонтириб айтмоқчиман: давлатимиз, эл-юртимизга нисбатан душманлик кайфиятида бўлган бундай кучларнинг ҳар қандай ёвуз фитна ва ҳаракатларига ўз вақтида ва кескин зарба беришга қодирмиз.

Ишончим комилки, биз бугунги барча қийинчиликларни албатта муносиб равишда, мардона енгиб ўтамиз. Чунки халқимиз азал-азалдан ўзининг донишмандлиги, мардлиги ва матонати, дўстлик ва тинчликсеварлик фазилатлари билан дунёда обрў-эътибор ва ҳурмат қозониб келади.

Бундай эзгу қадриятлар бизнинг қонимизга, руҳимизга ёшлик чоғимиздан бошлаб чуқур сингиб кетган. Ва ҳеч ким уларни биздан тортиб ололмайди.

Бугунги кунда бутун халқимиз ва жамоатчилигимиз янада жипслашиб, барча даражадаги раҳбарлар ҳушёрлик ва огоҳликни кескин ошириб, юртимизда тинчлик ва барқарор-ликни сақлаш, мамлакатимизни жадал ривожлантириш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлаш ҳамда одамларни рози қилиш борасида белгилаб олган вазифаларимизни амалга ошириш учун барча куч-имконият ва ресурсларни сафарбар этишимиз шарт», — деди Президент сўзининг якунида.

Янгиликлар