Наманганда молхона ҳидига чидай олмаган фуқаро қўшнисини пичоқлади
Наманганда 4 август куни фуқаро қўшнисининг молхонаси ҳидига чидолмай, жанжаллашиб, уни пичоқлади. Бу ҳақида Наманган Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 4 август, сешанба куни соат 16:30 да Наманган шаҳрида яшовчи 1959 йилда туғилган фуқаро қўшниси 1986 йилда туғилган фуқаро билан унинг молхонаси ҳиди сабаб яшаш хонадонида ўтириб бўлмаётганини айтиб, ўзаро жанжаллашган. Фуқаро ёнида бўлган «Чалабзар» пичоғи билан қўшнисининг чап кўкрак соҳасига бир маротаба урган. Оқибатда жабрланувчи оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ушбу ҳолат бўйича шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Наманганда 2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги жанжал юзасидан расмий маълумот берилган эди.