Бишкекда намойишчилар Оқ уйни эгаллаб олди, собиқ президент Aтамбоев қамоқдан озод қилинди — асосий маълумотлар
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 5 октябрь, душанба куни мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловлар натижаларидан норози бўлган минглаб фуқаролар намойиш учун чиқди. Бу ҳақда «Kloop» нашри хабар берди.
Маълум бўлишича, намойишни парламентда депутатлик ўрнига эга бўлолмаган 11 та партия қўллаб-қувватлаган. Полиция бир неча маротаба намойишчиларни тарқатиб юбориш учун сув, кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдаланган.
«24.kg»нинг ёзишича, намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги 5 октябрь куни соат 20:00 дан бери давом этиб келаётган қарама-қаршилик парламент биноси ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйни эгаллаб олиш билан якунланган.
Намойишлар оқибатида бир қанча йирик сиёсатчилар жароҳатланган. Хусусан, резина ўқдан «Aта Мекен» партияси раҳбари Жанар Aкаев ҳамда «Мекен интимаги» партиясидан депутатликка номзод Темирбек Aсанбеков жароҳат олган.
Куч тузилмалари ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашув бир неча соат давом этган. Оқибатда 590 нафар фуқаро жабрланган, бир киши ҳалок бўлган. 13 киши айни пайтда реанимацияда қолмоқда.
5 октябрь тунида кимлар озод қилинди?
- Мамлакатнинг собиқ президенти Aлмазбек Aтамбоев музокаралардан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасидан озод қилинди;
- Собиқ депутат Садир Жапаров озод қилинди;
- Собиқ бош вазир Сапар Исоқов озод қилинди;
- Мухолифатчи сиёсатчи Равшан Жээнбеков Бишкек шаҳридаги 1-сонли қамоқхонадан озод қилинди.
Қирғизистонда вазият қандай?
6 октябрь куни соат 10:40 да Бишкекда 100 дан ортиқ намойишчилар пойтахт мериясини эгаллаб олди. Ўзини янги ҳоким деб эълон қилган Жоошбек Коеналиев биринчи мажлисни ўтказган. Коеналиев «Республика» партиясидан сайловга қатнашганди.
Бишкекда намойишчилар Қирғизистон Бош прокуратураси биносини эгаллашга киришган. Намойишчилар дастлаб Бош прокурор халқ олдига чиқишини талаб қилган. Бироз вақт ўтиб, Қўй-Тошдаги воқеалар ортидан ҳибсга олинган собиқ президент аппарати раҳбари Фарид Ниязов ва ГКНБ собиқ хизматчиси Канат Сагимбаев Бишкек қамоқхонасидан озод қилинган.
Норин вилояти ҳокими Эмилбек Aлимбеков, Иссиқкўл вилояти ҳокими Балбак Тулобаев, Ўш вилояти ҳокими Байиш Юсупов ҳамда Бишкек шаҳри мери Aзиз Суракматов истеъфо берди.
Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков 6 октябрь куни соат 11:10 да мамлакатдаги сиёсий вазият тўғрисида баёнот берди. Президент сиёсий партиялар раҳбарларини ўз тарафдорларини тинчлантиришга, фуқароларни эса провокацион кучларнинг чақириқларига берилмасликка чақирган.
«Мен Марказий сайлов комиссиясига қонун бузилишларини синчковлик билан текширишни ва агар керак бўлса, сайлов натижаларини бекор қилишни таклиф қилдим», — дея таъкидлаган давлат раҳбари.
Ўш шаҳрида соат 11:20 да президент Сўронбой Жээнбеков тарафдорлари томонидан намойиш бошланди. «Биримдик» партиясидан номзод Бекмирза Эргашев намойишчилар амалдаги президент сиёсатини қўллаб-қувватлашини ва керак бўлса, Бишкекка ҳам боришини маълум қилган.