«Президентдан тортиб барча давлат хизматчиларининг мол-мулки босқичма-босқич декларация қилинади» — Акмал Бурхонов
Ўзбекистонда Президентдан тортиб барча давлат хизматчиларининг мол-мулки босқичма-босқич декларация қилинади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов агентликда ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 6 октябрь, сешанба куни биринчи матбуот анжуманини ўтказган. Унда Акмал Бурҳонов Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўпчилик томонидан нотўғри тушунилганини билдирган. У эртами-кечми давлат бюджетидан ойлик оладиган барча давлат хизматчиларининг мол-мулки декларация қилиниши кераклигини таъкидлаган. Бу ишлар қуйидан юқорига эмас, балки юқоридан бошланиши маълум қилган.
«Биз шундай қилмоқчимизки, декларацияда давлат раҳбаридан тортиб ҳукумат раҳбари, судьялар, прокурорлар, ҳокимлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари босқичма-босқич декларация тизимига ўтилади. Босқичма-босқич деганда ҳам энг юқоридан тортиб пастга қараб кетади. Энг пастдан юқорига эмас», — деган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори.
«Нега босқичма-босқич? Чунки тизим керак. Пировардида барча давлат хизматчилари даромадларини декларациялаш тизимига ўтамиз ва ҳеч ким четда қолиб кетмайди. Бунга ишонтириб айтаман. Босқичма-босқич дегани 10—20 йил дегани эмас. Узоғи беш йил», — дея қўшимча қилган Акмал Бурҳонов.
Аввалроқ Ўзбекистонда ҳокимларнинг айрим функция ва ваколатлари бекор қилинганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда мансабдорларнинг хизмат машиналарига GPS ўрнатилиши мумкин